Doktor PRESS
«ПИВО-ҚОРИН»ЛАР ҲАЁТ УЧУН ХАВФЛИ
Катта қорин нафақат ташқи кўриниш, балки саломатликка ҳам салбий таъсир этиши маълум эди. Аммо олимларнинг аниқлашича, қориннинг катталиги нафақат саломатликни ёмонлаштиради, балки бевақт ҳаётдан кўз юмишга ҳам сабаб бўлади.
«Annals of Internal Medicine» журналида кенг миқёсда олиб борилган статистик тадқиқот натижаси эълон қилинди. Унга кўра, 15 минг киши тестдан ўтказилиб, юрак-қон томир касалликлари ҳамда семизлик сабабли ҳаётдан кўз юмиш хавфи ўрганилди.
Тадқиқот натижасида қорин соҳасида ортиқча ёғлар кўп бўлган кишилар, мутахассислар тили билан айтганда, «пиво қорин»лар ҳаёти бошқаларга нисбатан хавф остида бўлиши аниқланди.
Тана вазни индекси меъёрда бўлса-да, қорни катта бўлган эркак киши ҳаётдан бевақт кўз юмиши хавфи бошқаларга нисбатан 1,87 марта кўпроқ экан. Қориндор аёллар эса ҳаётини 1,48 марта кўпроқ хавф остига қўяди.
Шуниси қизиқки, умуман семиз бўлган одам қорни катта бўлган кишилардан кўра соғломроқ ҳисобланар экан. «Ҳар қандай ёғ ҳам зарарли бўлмайди, — дейди эндокринолог Антонио Мас «El Pais» газетасига берган интервьюсида. — Аммо висцераль, яъни ички аъзоларни ўраб турган ёғ метаболик фаолроқ ва унинг ортиб кетиши қандли диабет ҳамда қондаги липид профили кўрсаткичлари ёмонлашишига сабаб бўлади. Бундай ёғ йиғилиши ҳаёт учун хавфли ҳисобланади».
04/04/2017
Ис гази — ҳидсиз ва рангсиз қотил
Нодира Ҳамроева, терапевт
Мактаб дарслигидан яхши биламизки, олов ёниши учун унга кислород зарур. Ис гази кислород етишмаганда, таркибида углерод бўлган ёқилғи (ўтин, торф, қоғоз, кўмир, брикетлар, бензин, табиий газ) охиригача ёниб тугамаганда пайдо бўлади. Бу газдан кўчада, масалан, гулхан атрофида ўтирганда, одам заҳарланмайди. Негаки атрофда кислород кўп. Ўтин ёниши натижасида зарари кам бўлган карбонат ангидрид гази ажралади (СО2). Агар ёқилғи, масалан, қўрдаги кўмир яхши ёнмаётган бўлса ҳам, ис гази ҳавода бирпасда йўқолиб кетади. Хавфли ис гази СО кислород танқис бўлган хоналарда пайдо бўлади (олов ёнмай, ёқилғи чўғ бўлиб турганда).
Кўпчилик ис гази ҳидини сезиш мумкин, деб ўйлайди. Негаки плитадан ёнаётган газ ҳиди чиқади-да. Аммо бу ҳид пайдо бўлиши учун газга меркаптан деб номланадиган модда қўшилади. Бу газ чиқаётганда, уни аниқлаш учун кўриладиган чора. Ис газига эса махсус ҳид берувчи қўшиб бўлмайди, негаки у ёқилғилардан ўзи ҳосил бўлади.
В рамке: Жониворлар офатни сезади
Олимлар кузатув ўтказиб, ис газини биринчи бўлиб қушлар, яъни канарейкалар сезишини аниқлашган. СО миқдори озгина ортса ҳам, улар сайрашдан тўхтаб, ўтирган шохидан қулаб тушишади.
Нега хавфли?
Ис гази аввал ўпкага, кейин қонга ўтади ва гемоглобинга таъсир қилади. Бунда карбоксигемоглобин деб номланадиган бирикма ҳосил бўлади. Бу модда қонга кислород киришини тўсиб, организмда кислород танқислигини келтириб чиқаради. Бунинг оқибатида мия ҳужайралари зарарланиб, одам бўғилади. Энг хавфлиси — заҳарланишнинг илк аломатларини на одамнинг ўзи, на унинг атрофидагилар сезади. Заҳарланиш аломатини чарчоққа йўйиб, эътибор беришмайди. Оқибатда бош оғриғи ва айланиши, ҳансираш кучаяди. Одам ҳатто ҳушини йўқотиши, унда юрак фаолияти танқислиги, инфаркт, инсульт юз бериши мумкин. Оғир ҳолатларда одам комага тушиб, ҳаётдан кўз юмиши ҳеч гап эмас.
Ис газидан заҳарланганда, юрак, буйрак, жигар, ўпка ва бошқа барча ички аъзолар зарарланади. Силлиқ мушаклар бўшашиб, одам ташқарига чиқиши кераклигини тушуниб турса ҳам, ҳаракат қила олмайди. Шунингдек, қон томирлар ҳам бўшашиб, таранглигини йўқотади. Борди-ю, бу пайтда жабрланувчи ётган бўлса, қон томирлар сиқилиб, аъзоларга қон етиб бормай қолиши хавфи бор.
Кучли заҳарланишда, одам ҳаёти сақланиб қолинган бўлса-да, унинг кислородсизликдан зарарланган мияси асл ҳолига қайтмаслиги мумкин, у вегетатив ҳолатда бўлади. Бошқа вазиятларда эса тикланиш учун ҳафта, ой ва йиллар керак бўлади.
Агар одам кучли заҳарланмаган бўлса, унинг аломатлари 1-6 ҳафтадан кейин ҳам намоён бўлиши мумкин. Баъзи беморларнинг хотираси ёмонлашади, бош оғриғи одатга айланади, ҳаракатланиши ёмонлашади, ҳатто табиати ҳам ўзгаради, фикрлаш қобилияти ёмонлашиб, ўз-ўзини танқид қилиш одати пайдо бўлади. Бундан ташқари, кўриш ва эшитиш қобилиятида ҳам салбий ўзгаришлар кузатилади.
Ис гази кимга хавф солади?
Ис гази кўмир билан ёқиладиган печь, танча (сандал), бензин ёки дисель билан ёқиладиган иситиш мосламаларидан фойдаланадиган қишлоқ аҳолисига хавф солади. Кўпинча бундай кўнгилсизликка мўри тозаланмаганлиги ёки печнинг нотўғри қурилганлиги сабаб бўлади. Шунингдек, шаҳардан қишлоққа борган ва печларни ёқишга уқуви бўлмаган кишилар ҳам ис газидан заҳарланиши мумкин.
Гаражда автомобиль моторини қиздираётган одам бу пайтда эшиклари ёпиқ ҳолда машина салонида ўтирса ҳам, ис газидан кучли заҳарланади.
Автомашиналарни ўз билганича тузатадиган ҳайдовчилар ҳам гараж ичида ис газидан заҳарланиши ҳеч гап эмас.
Ис гази уйқудан олдин тўшакда ётган ҳолда тамаки чекадиган кишиларга ҳам хавф солади. Агар одам ўчирилмаган сигарет билан ухлаб қолса, ёнғин чиқишини кўпчилик яхши билади. Аммо баъзан бундай вазиятда олов чиқмай, адёл, гилам чўғ бўлиб, туташи мумкин. Борди-ю, бу пайтда деразалар ёпиқ бўлса, СО дан заҳарланиш турган гап.
Газ плитасидан нотўғри фойдаланадиган кишилар ҳам хавфли гуруҳга киради. Масалан, газ ёқилганда, олов тўлиқ ёнмаса ёки ўчиб қолса, бундан хавфлиси йўқ. Шунингдек, таги кенг қозон ёки бошқа идишда овқат тайёрлаётганда, олов чиқаргичга кислород етиб бориши қийинлашса, ис гази ажрала бошлайди. Шунинг учун газ плитасининг барча олов чиқаргичини ёққан ҳолда ишлатманг. Шунингдек, газни ёқиб қўйиб, уйни иситишга ҳаракат қилманг. Ошхона деразалари ёпиқ бўлса, 3 та газ ёқилгичи ёниб турганда, 2 соат ичида СО миқдори одамни заҳарлаш даражасида кўпаяди.
Ҳозирда эшиклар тагида тирқиш қолдирилмайди, дераза ромлари ҳам ҳаво ўтказмайди. Шунинг учун бу хавф шаҳар аҳолисига ҳам таҳдид солади.
Заҳарланиш оғирлиги
Одам ҳаёти ва саломатлиги ис гази билан қай даражада заҳарланганликка боғлиқ. Масалан, енгил, яъни 3-даражали заҳарланишда одамнинг боши оғрийди, айланади, кўнгли айниб, қайт қилади.
Унга қандай ёрдам берамиз: хона дераза-эшикларини катта очиб, беморни ташқарига олиб чиқиш зарур.
2-даражали заҳарланишда одам ҳушидан кетади, артериал қон босими ошиб, юрак уриши тезлашади, баъзан галлюцинациялар кузатилади.
Унга қандай ёрдам берамиз: хона дераза-эшикларини катта очиб, беморни ташқарига олиб чиқиш ва «Тез ёрдам» чақириш ёки ўзини зудлик билан шифохонага етказиш керак.
1-даража заҳарланишда одам тўхтаб-тўхтаб нафас олади, артериал қон босими тушиб кетади, бирдан териси ва шиллиқ қаватлари оқариб ёки кўкариб, тиришади, комага тушиши мумкин.
Унга қандай ёрдам берамиз: хона дераза-эшикларини катта очиб, беморни ташқарига олиб чиқиш, «Тез ёрдам» чақириш ёки ўзини зудлик билан шифохонага етказиш керак.
Ҳимояланамиз
Ис газидан заҳарланмаслик учун иситиш мосламалари соз бўлишига эътибор беринг. Шунингдек, автомобиль мотори ишлаётганда, гараж эшиклари очиқ бўлиши кераклигини унутманг.
Click here to claim your Sponsored Listing.
Category
Contact the practice
Telephone
Website
Address
Tashkent
100047